Лавров Европа Иттифоқининг Россияни Марказий Осиёдан “сиқиб чиқариш” режалари ҳақида билдирди

Фото: ТАСС

Европа Иттифоқи Россияни Марказий Осиё ва Кавказ ортидан “сиқиб чиқариш” режаларини яширмаяпти, лекин буни уддалай олмайди, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Москва. Кремль. Путин ” кўрсатувида. Кўрсатувдан парчани журналист Павел Зарубин телеграм каналда кўрсатган. Бу ҳақда РБК ёзади.

Лавров Франция президенти Эммануэл Макроннинг 1 ноябрь куни Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида қилган баёнотига эътибор қаратади. Ўшанда давлат раҳбари Қозоғистоннинг “ҳар қандай давлатнинг вассали” бўлишдан бош тортганини олқишлаганди.

“Европа Иттифоқи бизни ҳар томонлама жиловлаш, Марказий Осиё ва Кавказ ортидан сиқиб чиқариш ниятларини яширмаяпти. Бунинг уддасидан чиқишолмайди. Биз тарихан шу ердамиз ва ҳеч қаерга йўқолмаймиз. Ҳамкорларимиз, иттифоқчиларимиз буни жуда яхши билишади”, деди вазир.

Лавров Макроннинг сўзларини «сурбетлик» ва «беҳаёлик» деб атади.

Макрон ноябрь ойи бошида Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилган эди – президент Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди. Le Monde ва AFP нашрлари Елисей саройидаги манбага таяниб, сафардан мақсад “икки давлатнинг ҳамкорлигини диверсификация қилишдан манфаатдорлигини қўллаб-қувватлаш” эканини даъво қилганди. Bloomberg ҳам манбаларга таяниб, Макроннинг сафари иккита мақсадни – Франциянинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва “собиқ Совет республикаларини Россияга қарамликдан чиқариш”ни кўзлаганини қайд этганди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Макроннинг Марказий Осиё мамлакатларига сафари фонида Қозоғистон барча давлатлар билан муносабатларни ўз хоҳишига кўра ривожлантирувчи суверен давлат эканлигини айтди. “Россия Қозоғистонни иттифоқчи деб билади ва у билан ўз муносабатларини ривожлантиради, буни қадрлайди”, – деди у. “Бу ҳолатда биз Остона томонидан тўлиқ ўзаро дўстона муносабатларни кўряпмиз”, — дея қўшимча қилди президент матбуот котиби.

9 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. Россия президентининг сафари Европа давлатларининг Қозоғистонга қизиқиши ортиб бораётгани ёки Остонанинг Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқми, деган саволга жавоб берар экан, Песков ташриф икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилганини айтди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.