Маҳаллий кенгашлар сув хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни кўриб чиқади

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш, озиқ-овқат экинларини экиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Сув бўйича лойиҳалар қийматини қайта кўриб чиқиш, уларда ишлатиладиган материалларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Соҳадаги янги лойиҳалар бундан буён бевосита жойларга чиқиб, аҳолининг фикри ва розилиги олинганидан кейин маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниши белгиланди. Лойиҳага қанча маблағ ажратилгани, пудратчиси қайси корхона экани, қачон ишга тушиши билан боғлиқ барча маълумотлар эълон қилиб борилади. Шу орқали бу борада ҳам жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Давлат раҳбари вилоят ҳокимларига ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўяр экан, бунда энг катта манба сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини “яшил энергия”га ўтказиш эканини таъкидлади.

Масалан, ҳозирда сув корхоналари 1 киловатт-соат электрни 900 сўмдан сотиб олаяпти. Қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган электр нархи эса ўртача 350-400 сўм, яъни 2 баробардан зиёд арзон. Инвесторларни жалб қилиб, сув иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда қуёш панеллари ўрнатиш мумкин, дея қайд этади президент.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.