Маҳкумларнинг жазони ўташ давридаги меҳнат фаолияти иш стажига киритилади
Маҳкумларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган иши пенсия тайинлашда иш стажига қўшилади. Республика президенти Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб ёзади “Фергана” нашри Адлия вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Бундан ташқари, «Жиноят-ижроия кодекси»га маҳкумнинг ахлоқ тузатиш йўлига ўтганлигини аниқлаш, хусусан, унинг меҳнатга қанчалик виждонан муносабатда бўлиши, маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиши, белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этиши ёки йўқлигини аниқлаш мезонлари киритилди.
Ҳар чоракда махсус комиссия маҳкумларнинг хулқ-атворини ушбу мезонларни ҳисобга олган ҳолда баҳолайди ва уларнинг шахсий ишига тегишли маълумотларни киритади.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари 2022 йил август ойида пенсия тайинлаш учун ариза беришда одамларнинг маҳкумликда бўлган даврини хизмат стажига киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилганди.
Шарҳлар