Маданий мерос агентлиги “Шарқ” биноларининг эҳтимолий бузилиши билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди
Маданий мерос агентлиги «Шарқ» биносининг реконструкция қилиниши ва бинонинг Ўзбекистон миллий маданий мероси объектлари рўйхатидан чиқарилиши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.
Аниқлик киритилишича, 2023 йил 14 октябрь куни Маданий мерос агентлиги, агентлик ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Шарқ нашриёти матбаа корхонаси” мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан объектларнинг тарихий-маданий экспертиза ўтказилган.
Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, аксарият бино ва иншоотлар яроқсиз ҳолатда бўлиб, тўлиқ реконструкция қилишни талаб қилади. Шунингдек, тарихий ва маданий аҳамиятга эга бинолар аниқланди.
Давлат активларини бошқариш агентлигига ЎзА маъмурий биноси ташқи кўринишининг тарихий-меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, шунингдек, келгусида Маданий мерос объектларини сотишда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларини олиб бориш топширилди, дейилади хабарда.
Маданий мерос агентлиги мутахассислари Тошкент шаҳридаги модернистик услубда қурилган объектларни, жумладан, ЎзА биносини ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси дастлабки рўйхатига киритиш учун ариза тайёрлаган.
Шарҳлар