Маданият вазирининг ўринбосари урушни қўллаб-қувватлаётган артистлар ҳақида: «Ўзбекистонда санъат учун чегара йўқ»
Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Баҳодир Аҳмедов Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаётган россиялик санъаткорларнинг позицияси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ўзбекистонда санъатга ҳеч қандай чеклов йўқлигини, ўзбеклар санъаткор халқ эканини айтди. Бу ҳақда Hook.report ресурси Kun.uz нашрига таяниб ёзади.
“Ҳозир бизга театр ва эстрада хонандалари келяпти. Бу санъат, қандайдир мамлакатлар муносабатларининг бунга алоқаси йўқ».
Мухбирнинг саволи россиялик қўшиқчи Григорий Лепсга тегишли бўлиб, у аввалроқ Украина армиясининг ҳар бир вайрон қилинган танки учун пул тўлашини айтган эди. Санъаткорнинг концерти 23 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтиши керак
Мулозим хонанданинг уруш учун пул ажратаётганига ишонмаслигини айтди.
“Очиғини айтишим керак, уруш учун маблағ ажратиш ҳақида кўп гапирилади. Менимча, бу ҳақиқатдан йироқдир”.
Шу билан бирга, Аҳмедов Z-артистларни бойкот қилишни талаб қилаётганларни провокацияда айблади.
“Ғийбат, коррупциядан йироқ бўлиш, қаердадир пул қилинаётгани ҳақидаги гап-сўзлардан йироқ юриш керак. Бундай гапларни айтаётганлар эса, бу нарсаларни гиж-гижлашга уринаётган одамлардир”.
Мулозимнинг сўзларига кўра, уруш ҳақидаги ўйлар билан концертларга бормаган маъқул, яхши нарсалар ҳақида ўйлаш лозим.
“Концертга борганингизда санъаткорларнинг урушга пул сарфлаши ҳақида гапиришнинг нима кераги бор? Уруш куни шу концерт куними?… Фақат яхши, юксак ниятлар билан ҳаракат қилиш керак. Ҳамма нарсанинг ёмон томони ҳақида ўйлаш шарт эмас”.
Шарҳлар