Маданият вазирлиги мукофотланган санъаткорларга бағишланган сайтга қарийб 500 млн сўм сарфлашни режалаштирмоқда
Ўзбекистонда давлат мукофотларига сазовор бўлган маданият va санъат намояндалари порталини ишлаб чиқиш учун 488 млн сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу маданият вазири Озодбек Назарбековнинг 3 октябрь куни E-qaror порталида эълон қилинган 15 сентябрдаги буйруғида назарда тутилган, деб ёзади “Газета” нашри.
Санъаткорлар тўғрисидаги веб-сайт яратиш президентнинг 2023 йил 25 майдаги қарори билан тасдиқланган давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича 112 та устувор лойиҳа рўйхатининг 77-бандида кўрсатиб ўтилган. Лойиҳани бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа учун маданият вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилган.
Лойиҳа паспорти ва концепциясини ишлаб чиқиш учун харажатлар сметасига 30 млн сўм, техник топшириқ учун 40 млн сўм, Киберхавфсизлик марказида экспертизадан ўтказиш учун 10 млн сўм, ахборот тизими архитектурасини ишлаб чиқиш учун 85 млн сўм, дизайн учун 60 млн сўм, тизимнинг дастурий қисми учун 165 млн сўм, фойдаланувчиларга видеоқўлланма учун 8 млн сўм, бирламчи маълумотларни киритиш (тизим ва мукофотлар, 10 нафар санъаткор ҳақида маълумотлар) учун 12 млн сўм, портални бошқа тизимлар билан интеграция қилиш учун 60 млн сўм ажратилиши ва бошқа харажатлар назарда тутилган.
25 май куни Озодбек Назрабековнинг буйруғи билан маданият марказлари тўғрисидаги платформани ишлаб чиқиш учун 530 млн сўм ажратилиши белгиланган. 29 май куни 2022 йил 20 июнда рўйхатдан ўтган ва 51 фоиз улуши Маданият вазирлигига тегишли бўлган Madaniy Hayot Media Marketing Markazi компанияси билан «Маданият марказлари» порталини ишлаб чиқиш бўйича шартнома тузилган. Компаниянинг қолган улуши Муҳаммадали Одилжонов Аъзамжон ўғлига тегишли Tanovor Music Group (25 фоиз) ва Муҳаммадқодир Расулов Илҳомжон ўғли ва Икромжон Абдувалиев Вохобжон ўғлига тегишли Best Target Project (24 фоиз) ўртасида тақсимланган. Иккала компания ҳам 2022 йил май ойида рўйхатдан ўтган.
Таъкидлаб ўтиш керакки, маданият марказлари ҳақидаги портал (e-madaniyat.uz) ишламаяпти.
26 сентябрь куни Маданият вазирлиги худди шу компания билан гидларнинг ягона реестрини ишлаб чиқиш бўйича шартнома тузган. Битим суммаси 117 млн сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Маданият вазирлиги ҳудудларга бориб концертлар ташкил этиш учун Turin Innovation Markazi`дан 15,5 млрд сўмга иккита кўчма саҳна сотиб олганди.
Шарҳлар