Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг рекламадаги иштирокига изоҳ берди

Скриншот

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг реклама ролигидаги иштироки билан боғлиқ вазиятни ўрганаётгани ҳақида аввалроқ ёзган эдик. Маданият вазирлиги бу борада расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Озодбек Назарбеков “The Voice of Uzbekistan” лойиҳасининг ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлиб, навбатдаги сонни суратга олиш учун либос танлаш мақсадида лойиҳа имиджмейкерлари билан биргаликда “KINGSMAN UZBEKISTAN” кийим-кечак дўконига ташриф буюрган.

Кийим танлаш жараёнида Назарбеков ўзининг шахсий фикрини билдириб, миллий брендни ривожлантириш, сифатли маҳсулот яратаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар берган.

Вазирлик Назарбековнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлик ёки реклама орқали фойда кўриш нияти йўқлигини таъкидлади. Озодбек Назарбеков Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти ва давлат хизматчиси сифатида барча қонунларни ҳурмат қилади ва уларга қатъий риоя қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.