Bo'limsiz

Magnum компанияси Ўзбекистондаги Carrefour супермаркетларини сотиб олмоқда

Фото: Magnum

Қозоғистоннинг Magnum Cash & Carry компанияси Ўзбекистондаги Carrefour дўконлари тармоғига эгалик қилувчи Majid Al Futtaim Uzbekistan акцияларининг 100 фоизини сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Шартнома шартларига мувофиқ, Ўзбекистондаги Carrefour дўконлари қисқа муддатга ёпилади ва Magnum бренди остида қайта очилади.

«Magnum битим ёпилгач ва барча меъёрий талаблар бажарилгандан кейин Majid Ал Футтаим фаолияти устидан тўлиқ назоратни қўлга киритади», — дейилади хабарда.

Magnum компанияси 2007 йилда ташкил этилган. Ҳозирда кўп форматли озиқ-овқат чакана савдо тармоғининг Қозоғистонда 234 та ва Ўзбекистонда 2 та дўкони бор.

«Magnum Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар киритишда давом этишни, савдо майдончаларини фаол ривожлантиришни, янги иш ўринларини яратишни, Ўзбекистонда хизмат кўрсатишни яхшилашни ва ўз ишлаб чиқаришини ривожлантиришни режалаштирмоқда», — дея қайд этади компания.

Ташкилотнинг Қозоғистонда 13 мингдан ортиқ ва Ўзбекистонда эса 350 нафар ходими бор. Энди Magnum жамоасига Ўзбекистондаги Carrefour дўконлари ходимлари ҳам қўшилади.

«Majid Al Futtaim Uzbekistan ва Magnum Cash & Carry ишчилар, етказиб берувчилар, барча манфаатдор томонлар учун муаммосиз ўтишни таъминлаш ва мавжуд мижозлар учун ноқулайликларни минималлаштириш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида», — таъкидлайди компания.

Битим тугаганидан сўнг, дўконлар ассортимент ва реклама таклифларини янгилаш учун қисқа муддатга ёпилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.