Ўзбекистонда маҳкумларга қариндошлари билан видеоучрашув учун рухсат берилиши мумкин
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маҳкумларга ўз қариндошлари билан видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашув учун рухсат берилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларда, тарбия колонияларида, турмаларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда жазони ўтаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашувлари ёки телефон орқали сўзлашувлари муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилади ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланади.
Масофали видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашувлар миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади. Маҳкумнинг илтимосига кўра, маҳкум жазони ижро этиш муассасасига етиб келгандан кейин, шунингдек алоҳида ҳолларда унга қўшимча равишда масофали видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.
Айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашув ёки телефон орқали ўзаро сўзлашувлари тақиқланади.
Шарҳлар