Мактаб директори лавозимига номзодлар сертификат олиши зарур бўлади

Фото: canva.com

Мактаб директорларининг вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд ва захирага киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади, деб ёзади Kun.uz нашри.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида умумий ўрта таълим муассасалари директор лавозимига номзодлар менежерлик ўқув курсларида ўқитилади.

Менежерлик ўқув курсларини муваффақиятли тугатган номзодлар менежерлик сертификатини бериш бўйича якуний синовларга қўйилади.

Номзодлар учун якуний синовлар бевосита иштирок этиш шаклида махсус жиҳозланган хоналарда қоғоз ёки электрон шаклда ўтказилиши мумкин.

Якуний синовлар 25 та тест, кейс ҳамда амалий топшириқлардан иборат тарзда шакллантирилади. Бажариш учун жами 120 дақиқа вақт берилади.

Якуний тест синовлар учун 50 балл, кейс топшириқлари учун 10 балл ва амалий топшириқлар учун 40 балл, жами 100 балл берилади.

70 баллдан юқори натижа кўрсатган номзодлар якуний синовни муваффақиятли топширган ҳисобланади ва уларга QR-код қўйилган электрон шаклда менежерлик сертификати берилади.

Менежерлик сертификати 5 йил давомида амал қилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан менежерлик сертификатига эга номзодлардан мактаб директорлари захираси шакллантирилади.

Бунда, мактаб директорларининг вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд ва захирага киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.