Мактаб директорининг ўринбосари ўқувчининг қариндошлари томонидан дўппосланиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими маҳаллий мактаб директорининг ўринбосари ўқувчининг қариндошлари томонидан дўппосланиши ҳолати бўйича жиноят ишини қўзғатди. Бу ҳақда “Медиазона” вилоят прокуратурасига таянган ҳолда хабар беради.

Иш бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик факти бўйича қўзғатилган (ЖК 277-моддаси, 2-қисми, “б” банди). Прокуратура маълумотларига кўра 59-сонли мактаб директорининг ўринбосари имтиҳонга кечиккан юқори синф ўқувчисини койиб, танбеҳ берган. Ўқувчи кейинроқ қариндошлари билан қайтиб келиб ўқитувчига “тан жароҳатларини” етказган.

Аввалроқ, 30 май куни мактаб директори Ноила Қамбариддинова директор ўринбосари Аббос Султоновга тажовуз қилишганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, кечиккан ўқувчи Султоновга имтиҳон унга “умуман керак эмаслигини ва имтиҳонсиз ҳам яшашини” айтган.  

«Менинг кабинетимда [кечиккан ўқувчининг] дадаси билан суҳбатни бошладик. Бола ўз отаси олдида қўпол муомаласи учун узр сўрай бошлаганида, кабинетга икки йигит кирди [ўқувчининг қариндошлари] ва директор ўринбосарига ташланди», — дейди Қамбариддинова.

У ёшлар ўқитувчини бурчакка тиқиб, дўппослай бошлаганини, бунда шкафнинг ойнаси синиб, унинг орқасини кесиб юборганини қўшимча қилади.

Воқеадан кейин мактаб ходимлари тез ёрдам чиқарган ва профилактика инспекторига юз берган воқеа ҳақида хабар беришган. Директор ўринбосарини туман тиббий мажмуасига олиб боришган. Ҳозир у амбулатория режимида даволанмоқда.

Фотосурат: Самарқанд вилоят прокуратураси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.