Мактаб ўқувчиси ўз ўқитувчиси томонидан калтакланиб, шифохонада ётганлиги айтилмоқда

Фото: Болалар Омбудсмани

15 февраль куни Болалар омбудсмани котибиятига ижтимоий тармоқ орқали мактаб ўқувчиси ўз ўқитувчиси томонидан калтакланиб, шифохонада ётганлиги акс этган видео келиб тушган. Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди, деб ёзяпти матбуот хизмати.

“Аниқланишича, жорий йил 11 феврал куни Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси А.С. 7-синф ўқувчиси, 2010 йилда туғилган М.С.нинг бошини деворга бир неча бор қаттиқ уриб, унга жароҳат етказган. Бунинг натижасида бола бош қисми соҳасидаги жароҳатлар билан шифохонага жойлаштирилган”, – дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 109-моддаси 2-қисмига (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) асосан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов олиб борилмоқда.

Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилган хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.