Боғчада болани ҳақорат қилган ходимларга ҳайфсан берилди
Болалар омбудсмани Котибиятига «Ишонч телефони» орқали Наманган вилоятида яшовчи М.Т. дан мурожаат келиб тушган.
Хабарга кўра, «М.Т. нинг 2019-йилда туғилган ўғли М.Х. Поп туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотига қатнайди. 21-феврал куни ушбу таълим ташкилотида педагог ходимлар гуруҳдаги болаларни қаровсиз қолдирган ва бу ҳолатдан хабар топган М.Х. нинг отаси Й.М. педагог ходимларга эътироз билдирган. Шундан сўнг, тарбиячилар болага руҳий босим ўтказиб, уни ҳақорат қилганлиги учун юқоридаги ходимларга нисбатан қонуний чора кўриб, фарзандининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраган».
Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги ушбу ҳолатни ўрганган.
Ўрганиш натижасида Поп тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари тарбиячи ва унинг ёрдамчилари ўз хизмат вазифаларига лоқайдлик билан муносабатда бўлганликлари сабабли ташкилот директорининг буйруғига кўра уларга нисбатан Меҳнат Кодексининг 312-моддаси 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Шарҳлар