Мактабгача таълим агентлиги фаолияти тугатилди
“Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-98-сон, 02.07.2024 й.) қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-канали.
Фармонга кўра, Мактабгача таълим агентлиги (Агентлик) фаолияти тугатилди ҳамда Агентликнинг ташкилий тузилмасидаги ташкилотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юклатилди, жумладан:
- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- мактабгача таълим ва тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш;
- мактабгача таълимнинг ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларини такомиллаштириш, уларнинг умумий ўрта таълим дастурлари билан узвийлигини таъминлаш;
- давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим билан босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш.
Улашиш:
Шарҳлар