Президент Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.
Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлади.
– Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида катта салоҳиятга эга бўлган, жадал ўсиб бораётган давлатдир. Мамлакатингиз билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсадимиз ҳисобланади, – деди Президент.
Учрашувда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йил якуни бўйича товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсди, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги авиарейслар кўпаймоқда.
Ташриф доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон-Малайзия бизнес форуми якунлари инвестициявий шерикликни кенгайтиришга, инновациялар, саноат, “яшил” энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда етакчи компаниялар кооперациясига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ишончли, очиқ ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Малайзия Бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.
Шарҳлар