Мамлакатда оналар ўлими даражаси 34 фоизга, беш ёшгача бўлган болалар ўлими эса 26 фоизга камайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяровнинг “Мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар орасидаги касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги истиқбол режалар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурларининг амалиётга жорий этилгани, шунингдек оналар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам такомиллаштирилиши натижасида оналар ўлими даражаси 34 фоизга, беш ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 26 фоизга камайган.
Республика миқёсида, ҳудудларда ва туман (шаҳар)ларда “365 кун /24 соат” тамойилига асосан оналар ва болаларга кўрсатиладиган ёрдамни назоратга олиш, таҳлил қилиш, камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ва поликлиникаларда болалар бўлимлари ташкил этилган. Шунингдек, барча “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 20 минг болалар ҳамишираси ҳамда патронаж-доя лавозими жорий этилган. Туман, (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида “болалар бўлимлари”, “қизлар саломатлиги” бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг ярим йилида 1 962 та кардиохирургик, 460 эндоскопик, 583 та нейрохирургик юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, 2985 нафар болаларда ногиронликнинг олди олинган. Бундан ташқари, 200,2 минг нафар янги туғилган чақалоқлар аудиоскринингдан ўтказилиб, 267 нафар болага кохлеар имплантат ўрнатилган ва эшитиш қобилияти тикланган.
Шарҳлар