Мамлакатга тўққиз ойда 23 миллиард доллардан зиёд хорижий сармоя кириб келган

Foto: prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 22 октабрь куни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи бу йўналишларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги етти йилда мамлакатимизга 78 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар келган. Давлат-хусусий шериклик бўйича қонун қабул қилиниб, мингдан зиёд лойиҳалар бошланган. 1 минг 800 турдаги янги маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, ҳали салоҳият катта. Йиғилишда мазкур йўналишларнинг ҳар бири таҳлил қилиниб, қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кунда барча тармоқларда 140 миллиард долларлик 366 та йирик лойиҳа амалга оширилаяпти. Инвестиция лойиҳалари доирасида йилига 15 миллиард долларлик ускуна, хомашё ва қурилиш материаллари олиб келинаяпти. Шуларнинг ҳар бирида маҳаллий улушни кўпайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Юртимиздаги йирик тармоқларда ҳам шундай имкониятлар бор. Масалан, энергетика тармоғини 2030-йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, 36 миллиард долларлик 164 та қувват яратилади. Шундан 88 таси давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади.

Тоғ-кон саноати бўйича ҳам 1 миллиард 230 миллион долларлик дастур қабул қилинган. Соҳадаги йирик комбинатларга маҳаллий корхоналар ўзаро манфаатли боғланган.

Автосаноатда ҳам ушбу йўналишда ишга солинмаган имкониятлар кўп. Биргина қўшни давлатларда автомобил эҳтиёт қисмларига йиллик талаб 1 миллиард долларни ташкил қилади.

Маҳаллийлаштириш жараёнида нарх бўйича ҳам, сифат бўйича ҳам рақобатдош маҳсулот чиқаришга, экспортни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу йўналишлар бўйича аниқ лойиҳалар шакллантириб, имкониятларни натижага айлантириш зарурлиги таъкидланди. Саноат тармоқлари билан ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Яқинда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 30 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари тасдиқланди. Бунда ҳар бир соҳанинг имкониятлари очиб берилган. Жумладан, транспорт бўйича 10 миллиард доллар, ижтимоий соҳаларда 6 миллиард доллар, коммунал тармоқда 5 миллиард долларлик режалар кўзда тутилган.

Жорий йилнинг тўққиз ойида 23 миллиард 660 миллион доллар хорижий сармоя кириб келган. Шунингдек, 4 миллиард 600 миллион долларлик 120 та йирик қувват ишга тушган.

Йил якунигача бу суръат давом этади. Шу тариқа, 2017-2024 йилларда жалб этилган хорижий инвестицияларнинг умумий қиймати 100 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.