Мамлакатнинг икки вилоятида ҳоким ёрдамчилари кредитларни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда
Ўзбекистоннинг икки вилоятида кредит маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинган ҳоким ўринбосарлари қўлга олинди. Бу ҳақда Repost нашри Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг матбуот хизматига таяниб ёзади.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида бир неча корхона ишчилари ва “Самарқанд” маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси 17 нафар фуқаро номига 526,6 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган. Пул оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга мўлжалланган бўлган. Гумондорлар маблағларни маҳаллий аҳолига топшириш ўрнига тадбиркорлик субъектларининг ҳисобрақамларига ўтказиб беришган. Кейинчалик улар нақд пул қилиб олишган.
Рейд Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида давом этди. Фуқаро Ш.X. «Зарбдор», «Олмазор» ва «Қаҳрамон» маҳалла фуқаролари йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари билан тил бириктириб, 7 нафар фуқаро номига 243,9 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган. Маблағ иссиқхоналар қуриш учун мўлжалланган бўлган.
Натижада иссиқхоналар қурилмаган, гумондорлар ўзлаштирилган маблағларни фуқаро Л.А. томонидан ташкил этилган “D.M.” корхонасининг ҳисобига ўтказишган, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар