Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар электрон тарзда олиб борилади

“Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар беради.

Қарор билан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими (“E-ma’muriy ish” тизими) орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби бўйича низом тасдиқланди. Унга кўра, маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органлар томонидан текшириш, зарур маълумотларни олиш ҳамда улардан фойдаланиш “E-ma’muriy ish” тизими орқали амалга оширилади.

Ички ишлар вазирлиги “E-ma’muriy ish” тизимини ташкил этиш, унинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича масъул орган этиб белгиланди.

Қарорга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳамда процесснинг бошқа иштирокчиларига (жабрланувчи, гувоҳ, холислар ва бошқа иштирокчиларга) ишни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида электрон хабарнома юбориш механизми ишлаб чиқилади.

2021 йил 1 сентябргача суд қарори билан ёки бошқа сабабларга кўра бекор қилинган маъмурий жарималарни ёки камайтирилган жариманинг фарқи суммасини автоматлаштирилган тарзда фуқароларга қайтариш механизми яратилади.

Шунингдек, автомототранспортларни жарима майдончаларига қўйиш ҳамда чиқариш суд ёки ваколатли органларнинг тегишли қарори асосида  “E-ma’muriy ish” тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Маъмурий ишларни юритишда қонунларнинг ижроси устидан прокурор назорати “E-ma’muriy ish”  тизими орқали амалга оширилиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.