Манфаатлар тўқнашувини аниқлашда ёрдам берган шахслар мукофотланади

Foto: xabar.uz

5 июлда Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 210-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни (Қонун) билан ўрнатилган талаблар ва механизмларни давлат органлари ва ташкилотларида самарали жорий этиш, бу жараёнда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда улар учун зарур тушунтириш ишларини олиб бориш давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари зиммасига юклатилади.

Қонун ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди ва комиссия 2024 йил 1 июлгача Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ рўйхатини шакллантиради.

Қонун кучга кирганидан кейин қуйидагилар таъминланади:

  • ҳар чоракда Республика идоралараро комиссиясининг ишчи органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари кесимида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатлар таҳлил қилиниши, бундай ҳолатлар кўпайган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чораларни белгилаш учун тегишли тақдимномалар киритилиши;
  • ҳар ярим йилда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар Республика идоралараро комиссияси йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб борилиши.

2024 йил якунигача “E-anticor.uz” электрон платформасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилади.

  • Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашда жамоатчилик иштирокини таъминлаш мақсадида қуйидаги амалиётлар жорий этилади:
  • давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича тегишли далилларни илова қилган ҳолда уларни аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг эллик фоизи миқдорида мукофот пули бериш;
  • Республика идоралараро комиссиясининг ишчи органлари томонидан ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатлар, уларни бартараф этиш, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.

2024 йил 1 октябргача манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шакллари тасдиқланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.