“Мангу лаҳзалар” фильми – ўзбек архивидаги ноёб топилмалар жамланмаси
“Ренессанс” кино уйида Ўзбекистонда архив тизими ташкил топганлигининг 104 йиллиги (5 ноябрь 1919 й.) ва Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви (1943-2023 йй.) ташкил этилганлиги 80 йиллиги муносабати билан анжуман ўтказилди. У ерда ўзбек архивига оид катта кўргазма ҳам ташкил этилганлиги, келган ҳар бир меҳмоннинг тарихга назар ташлашига, қизиқарли хотираларни ёд олишига катта имконият берди.
«Туркистон ўлкаси ва Ўзбекистон Республикасининг кино, фото ва фоно ҳужжатлари узоқ тарихий йўлни босиб, бизнинг ҳозирги давримизгача етиб келди ва уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келгуси авлодга мерос қолдириш шарафли вазифамиздир. 1860 йилларда суратга олиб муҳрланган фотолар, 1900 йиллардаги тасвирга туширилган кино ленталар ва 1930 йилларда тайёрланган овозли грампластинкаларни алоҳида бир жойда сақлаш масаласи ҳал қилиниб, Ўзбекистон ССР СНК-сининг 1943 йил 18 мартдаги 145-сонли қарори билан Ўзбекистон ССР Кинофотофоно ҳужжатлар Марказий давлат архиви ташкил этилган.»
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов ҳамда Кинематография агентлиги директори ўринбосари Шухрат Ризаевлар кириш сўзлари билан очиб берди. Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви фахрийлари, ходимлари ҳамда Кинематография агентлиги ходимлари “Ўзархив” агентлиги идоравий мукофотлари билан тақдирландилар.
Архив 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан таниқли ижодкор Али Хамроев режиссёрлигида тасвирга олинган “Мангу лаҳзалар” ҳужжатли фильми тақдимоти ҳам бўлди. Фильмдаги қизиқарли кадрлар орқали архивнинг кеча ва бугунги куни, унда сақланаётган ўта ноёб, бениҳоя қизиқарли кино, фото, овозли ҳужжатлар хақида маълумот олиш мумкин. Фильм ўзбек тилида тайёрланиб, рус тилига дубляж қилинган ва инглиз тилида субтитр қилинганлиги катта аудитория йиғиш имкониятини беради.
“Ўзархив” агентлиги томонидан “Ўзбекистон” нашриётида махсус китоб-альбом чоп эттирилган бўлиб. Тадбирда ушбу китоб-альбомнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Нашр тўғрисидаги фикрлар билан сўзган чиққанлар, мазкур китоб-альбомда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивининг ташкил топишидан тортиб шу кунгача фаолияти, бу ерда ишлаган жонкуяр раҳбар ва ходимлар, қизиқарли архив ҳужжатларидан намуналар келтирилганлиги, тадқиқотчилар учун бу алоҳида манба бўлиб хизмат қилиши тўғрисида гапирдилар.
Унда, Адлия вазирлиги, “Ўзархив” агентлиги, Кинематография агентлиги тизим ташкилотлари раҳбарлари, ходимлари, таниқли кино, санъат, театр намоёндалари ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва фаол фуқаролар иштирок этдилар.
Шарҳлар