Мансабини суиистеъмол қилган ҳоким ёрдамчилари ушланди
Аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда жойларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳар бир маҳаллада туман ҳокими ёрдамчиси фаолияти йўлга қўйилган.
Бугун ушбу ёрдамчилар кўплаб оилаларнинг ёрдамлашиб, уларнинг ҳаётлари фаровонлашувига сабабчи бўлаётганликлари қувонарли албатта. Лекин, буларнинг орасида ўз манфаатларини ўйловчи ҳоким ёрдамчилари ҳам учраб турибди.
Жумладан, Ўртачирчиқ туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи К.М. мансабдор танишлари орқали “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фуқарога 1,8 гектар ер майдонини 10 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 13 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ғаллаорол туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи И.К. ваколатли танишлари кўмагида фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ, 55 нафар ҳоким ёрдамчиси жазоланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Шарҳлар