Марказий Осиё экспертлари маълумотлардан фойдаланиш орқали давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш чораларини муҳокама қилди
Жаҳон банки Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек Молия вазирлиги билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда иқтисодий тараққиёт учун самарали бошқарув” мавзусида икки кунлик юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказмоқда.
Тадбир Буюк Британия Ҳамдўстлик ва халқаро ривожланиш масалалари бўйича Ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмаги билан ташкил этилган[1]. Конференция ишида Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан экспертлар қатнашди. Тадбир иштирокчилари турли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда замонавий маълумот тизимларидан фойдаланиш бўйича халқаро ва минтақавий тажрибани ўрганишади.
Конференция доирасида Марказий Осиё мамлакатларида “Иқтисодий тараққиёт учун самарали бошқарув” (Effective Governance for Economic Development (EGED)) номли янги дастурга расман старт берилади. Дастур Жаҳон банки ва ACTED халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмаги асосида амалга оширилмоқда. Ундан кўзланган мақсад – Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон мамлакатлари иқтисодий сиёсатининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишдир. Дастур доирасида юқорида қайд этилган давлатлар ҳукуматларига сифатли маълумотларни олиш, улардан давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фойдаланиш, идоралараро координация ҳамда фуқароларни тинглаш механизмларини такомиллаштириш масалаларида кўмак берилади.
«Буюк Британия давлат сиёсатини далиллар асосида ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкор мамлакатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари билан биргаликда EGED дастурига старт берди. Биз ушбу жараённинг самарали бўлиши учун статистик маълумотлар ва илмий далиллардан фойдаланиш кераклигига ишонамиз”, – дея қайд этди Буюк Британиянинг Ҳамдўстлик ва халқаро ривожланиш масалалари бўйича Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиёда ривожланиш бўйича директори Мирза Жаҳоний. “Ушбу конференция доирасида минтақадаги мамлакатлар ҳукуматлари ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат ҳамкорларни йиға олганлигимиздан мамнунмиз. Иштирокчилар тажрибалар билан алмашишлари ва келгуси чора-тадбирларни, шу жумладан, Буюк Британиянинг янги Халқаро тараққиёт стратегияси қабул қилингани натижасида EGED дастури доирасидаги фаолиятни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиб олишлари мумкин бўлади. Ушбу ҳужжат давлат органларида инситуционал етакчилик масалаларига алоҳида эътибор қаратади».
Ўзбекистонда EGED дастури меҳнат бозорини ислоҳ қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича самарали сиёсатни ишлаб чиқишда, “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат корхоналарини реструктуризация қилишда ёрдам беради. Шунингдек, дастур шаҳарларни ривожлантириш ва давлат харидлари соҳаларини ислоҳ қилишда, мамлакатда норасмий иқтисодиётни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда маълумотлардан фойдаланишга ҳам кўмак беради.
Тошкентда бўлиб ўтаётган конференцияда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 150 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. Уларнинг орасида давлат сиёсати ва далиллар асосида ислоҳотларни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар, ҳукуматлар, фуқаролик жамияти, таҳлилий марказлар, илмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам мавжуд.
«2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда маълумотлар сифатининг ошиб бораётганлиги ва давлат сиёсатини ишлаб чиқишда улардан кенг миқёсда фойдаланилаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Мамлакат ҳукумати танлаган очиқлик ва шаффофлик сиёсати натижасида юртимизнинг статистика соҳасидаги салоҳияти йилдан-йилга сезиларли даражада яхшиланиб бормоқда. Конференсия давомида ушбу соҳадаги тажрибамиз билан бўлишмоқчимиз ва Марказий Осиёдаги ҳамкасбларимизнинг тажрибаларини ўрганмоқчимиз”, – дея таъкидлади ўз нутқида бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.
Конференция иштирокчилари тегишли тадқиқотлар, маълумотлар ва экспериментларнинг давлат бошқарувини такомиллаштира оладиган ҳамда уни Марказий Осиёда адолатли ва инклюзив ўсишга эришишга йўналтира оладиган ислоҳотлар сиёсатининг қудратли омили сифатидаги ролини таҳлил қилишади.
Шунингдек, маълумотларни тайёрлаш бўйича салоҳиятни ривожлантириш, шу жумладан миллий статистика органлари ва меҳнат бозорлари ҳолатини таҳлил қилувчи тизимларни жалб этган ҳолда, масалалари кўриб чиқилади.
Конференция иштирокчилари турли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқишда маълумотларни олиш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш, маълумотлардан фойдаланиб, давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда ушбу жараёнларга фуқаролик жамиятини жалб қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тажрибани ўрганадилар.
Конференция давомида экспертлар расмийларнинг турли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнидаги имкониятларини кенгайтиришда замонавий таҳлил методлари ва воситаларининг сезиларли ўрни борлигини намойиш қилишади.
Жумладан, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов аҳоли бандлиги соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишда маълумотлар таҳлили ва улардан фойдаланиш бўйича мамлакат тажрибаси, шунингдек биринчи миллий бўш иш ўринлари базаси ва ягона миллий меҳнат тизимининг жорий қилинганлиги ҳақида тақдимот ўтказади.
“2022 йилда Жаҳон банки ва Марказий Осиё давлатлари иккитомонлама ҳамкорликнинг 30 йиллигини нишонлашмоқда. Ушбу вақт давомида минтақада яшайдиган одамларнинг фаровонлигини ошириш бизнинг ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлди”, — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татьяна Проскурякова. “Биз маълумотлардан фойдаланиш соҳасидаги салоҳиятни ривожлантириш учун расмийларга молиявий ва таҳлилий кўмак беряпмиз. Бу фуқаролар эҳтиёжлари ва манфаатларига йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Жаҳон банки миллий ҳамкорларга ушбу йўналишда муваффақиятларга эришиши учун кўмаклашишда, шу жумладан EGED дастурини амалга ошириш орқали, давом этади”.
Конференция якунига кўра қўшма декларация қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси иштирокчиларни қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммаларига олишга ундайди:
– инклюзив ўсишни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, озчилик гуруҳлар фаровонлигини устувор ўринга қўйиш ва барча жамият аъзоларининг ҳаётини яхшилаш мақсадида имкониятлардан тенг фойдаланишни таъминлаш учун керакли маълумотлардан фойдаланиш;
– қарорларни қабул қилиш жараёни шаффоф ва самаралироқ бўлиши учун маълумотлардан кенг фойдаланиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни рағбатлантириш;
– маълумотлар сифатини такомиллаштириш ва уларни турли соҳалардаги давлат сиёсатларини ишлаб чиқиш жараёнига интеграция қилишни қўллаб-қувватлаш;
– давлат маълумотларининг аввалбошдан очиқ ва жамоатчилик фойдаланиши учун эркин бўлишини таъминлаш;
– жамоатчиликнинг давлат маълумотларидан фойдаланишини рағбатлантириш, жамоатчиликни қарор қабул қилишга жараёнига жалб қилиш ва Марказий Осиё мамлакатларида ушбу соҳада жамоатчилик хабардорлигини ошириб бориш.
[1] Конференция давомида билдирилган фикрлар Буюк Британия ҳукуматининг расмий позициясини акс эттириши мажбурий эмас.
Шарҳлар