Марказий банк фирибгарлардан огоҳлантирди
Ҳозирги кунда фирибгарларнинг интернет тармоғидан сохта телефон рақамлари орқали банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясини фуқароларга жўнатиб, кредит таклиф этиш ва уларнинг маблағларини ўзлаштиришга бўлган уринишлар кузатилмоқда. Шу муносабат билан Марказий банк одамларни огоҳлантирди.
«Ҳурматли фуқаролар, Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган банклардан ижтимоий тармоқлар ҳамда мессенжерлар орқали кредит расмийлаштиришнинг имконияти мавжуд эмас. Фирибгарлар томонидан Марказий банкнинг лицензия бланкасини сохталаштириш орқали содир этилиши мумкин бўлган турли ноқонуний ҳаракатлардан ҳимояланиш мақсадида Марказий банк фуқароларни шубҳали хизматлардан фойдаланмасликка, ҳужжатлар билан ишлашда эътиборлироқ бўлишга чақиради», – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Марказий банкнинг расмий бланкасида чоп этилган лицензиялар тақдим этилган ҳолатларда ундаги маълумотларни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида мавжуд бўлган лицензияланган ва рўйхатга олинган ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар билан солиштириб кўриш тавсия этилган.
Бу ўз навбатида, фуқароларнинг келгусида молиявий бозордаги хизматлардан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчилик ва низоли ҳолатларнинг олдини олади, дейилган.
Шарҳлар