Маркировка тизимини акциз маркалари тизими билан бирлаштириш масалалари муҳокама қилинди
Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилот ходимлари иштирокида маркировка тизимини акциз маркалари тизими билан бирлаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан учрашув ўтказилди. Бу ҳақида Департамент қошидаги Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Солиқ қўмитаси, “Давлат белгиси” ДУК мутахассислари ҳамда Инспекция ходимлари иштирок этган тадбирда соҳа мутахассислари рақамли маркировкалаш ва акциз маркаларни бирлаштиришда таҳлилий маълумотларни йиғиш ва хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиш вазифаларига асосий эътиборни қаратдилар.
Маълумот ўрнида, айни пайтда 4 та истеъмол этил спирти, 37 та алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, 144 та улгуржи савдо ва 4 365 та чакана савдо кўрсатиш субъектларида рақамли мааркеровкадан фойдаланиш амалиёти татбиқ этилмоқда.
Тадбирда ишлаб чиқарувчи корхоналарда замонавий технологик имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда рақамли маркировкалаш кодларини ва акциз маркаларни бирлаштириш орқали ягона маркировкалашни ташкил этиш тўғрисида соҳа мутахассисларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Ягона маркировкалашнинг асосий мақсади – аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, яширин ишлаб чиқариш фаолияти ва қалбаки маҳсулотларни муомалага киритилишининг олдини олишдир. Халқаро тажрибада, ушбу механизмнинг жорий этилиши нафақат ишлаб чиқаришдан то охирги сотиш ва муомаладан чиқарилишигача бўлган жараённи кузатиш, балки бюджетга солиқ тушумларини кўпайтириш имконини ҳам кафолатлайди.
Учрашув якунида соҳадаги муаммолар муҳокама қилиниб, алкогол ва тамаки маҳсулотларини сифат ва талаб жиҳатдан халқаро стандартларга тенглаш, миллий брендни ривожлантириш орқали экспорт самарадорлигини янада оширишда ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.
Шарҳлар