Машуқасининг яланғоч расмларини тарқатиб юбормаслик учун пул талаб қилган шахс ушланди
Самарқанд шаҳрида яшовчи 27 ёшли (аёл) Г.С. мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг яланғоч ҳолдаги видео ва фото тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 2.800.000 сўм талаб қилаётганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида яшовчи 35 ёшли Н.Ж. содир этганлиги аниқланган.
Тергов органларига жалб этилган Н.Ж. аслида киракашлик билан шуғулланиши, шунингдек жабрланувчи Г.С.ни бир неча бор уйига олиб бориб қўйиш орқали у билан танишиб олган. Н.Ж., Г.С. билан маълум вақт ишқий муносабатда бўлиб келган ва унинг турли беҳаё фотосуратларини қўлга киритган.
«У расмларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 2.800.000 сўмлик телефон қурилмаси ёки ушбу телефон қурилмасининг пулини талаб қилиб, мазкур пулларни олаётган вақтида далил билан ушланди», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар