Маст эркак «метрода бомба бор» дея ёлғон хабар берди

Фото: Янги Ўзбекистон

Яқинда метрополитеннинг “Минг ўрик” бекати платформасида ўзи асли Фарғона вилоятидан, айни пайтда Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган Э.М. исмли шахснинг ўзини нохуш ҳис қилгани учун метро ходимлари томонидан тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари чақирилган.

«Бемор Миробод тумани 7-подстанция шифокори томонидан кўздан кечирилиб, 16-сонли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг заҳарланиш бўлимига олиб борилган. Бемор шифокор томонидан кўздан кечирилган ва унга “Алкоголдан ўткир заҳарланиш” ташхиси қўйилган. Буни шунчаки ҳаётда бўлиб турадиган одатий ҳодиса-да, деб ўйлашингиз ҳам мумкин», – дейилади хабарда.  

Бироқ энг асосийси шундан сўнг бошланган. Бемор тиббий ёрдам кўрсатилаётган пайтда қоғоз салфеткага “ДХХ ва Ички ишларга телефон қил. Бомба”, дея ёзиб, ҳамширага берган. Шифокор вазиятни аниқ тушунмаган ҳолда “102” рақамига қўнғироқ қилган ва “метрода бомба бор” дея хабар қолдирган.

Ҳолат бўйича Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бўлими навбатчилик қисми томонидан “Минг ўрик” бекатига портловчи моддаларни зарарсизлантириш махсус отряди ходимлари юборилиб, улар томонидан ушбу бекат тўлиқ кўздан кечирилган ва берилган маълумот асосини топмаган. Фуқаро Э.М. билан олиб борилган суриштирув давомида, у ўша куни кайфда бўлганлиги боис маълумотни берганлигини эслай олмаслигини маълум қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.