МБ банклардаги иккиламчи ҳисоблар орқали валютанинг эҳтимолий чиқиб кетишидан хавотирда
Марказий банк томонидан кўрилаётган комлаенс-назорат чора-тадбирларининг асосий мақсади Ўзбекистондаги банклар ва тадбиркорлик субъектлари санкциялар бўйича чекловларга учрашининг олдини олиш ҳисобланади. Бу ҳақда МБ раиси Мамаризо Нурмуратов шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Унинг сўзларига кўра, бутун дунё бўйлаб геосиёсий инқироз шароитида банкларнинг валюта операцияларига бўлган талаби ошди, шу сабабли ҳамма жойда комплаенс-назоратни жорий этиш талаб этилмоқда. Хулосалари асосида мижозларга валюта сотиш маъқулланадиган эксперт гуруҳлари Ўзбекистонда анчадан бери бор. Улар тўловлар комплаенсга тўғри келишини текширади, «бундай гуруҳлар дунёнинг барча жойида бор», деди у.
Марказий банк раҳбари еттита банкда (жумладан, 5 та давлат) валютани иккиламчи ҳисобварақлар орқали конвертация қилиш операциялари 8,9−9 фоиздан 24 фоизга ошганини маълум қилди. Бундай операциялар орасида 5−6 йил аввал тузилган шартномалар бўйича хорижий валютадаги тўловлар ҳам кузатилган. Регулятор чет эл валютаси импорт қилинадиган товарлар доирасида иккиламчи ҳисобварақлар орқали ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилиши мумкинлигидан хавотирда. Банк назорати қўмитасининг йиғилишида валюта операциялари бўйича қарор ана шу муаммони инобатга олган ҳолда қабул қилинган.
Санкциялар бўйича комплаенс — компания ёки банкнинг санкция чекловларини бузиш хавфини камайтириш учун зарур бўлган ички меъёр ва қоидалар тизими.
Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистон Россияга қарши санкция режимини бузиши мумкин бўлган 15 давлат рўйхатига киритилганини, шу сабабли чоралар комплаенс-назоратни кучайтиришга қаратилганини таъкидлади.
«Асосий мақсадимиз — эртага бизнес субъектлари валюта операциялари ва ўтказмалари юзасидан санкциялар бўйича комплаенс-чекловларга учраб қолмасин. Яъни мақсадимиз — валюта ўтказмаларидаги чекловларнинг олдини олиш. Чунки шундай ҳолатлар содир бўляптики, субъект пул ўтказади, лекин банк чет эллик ҳамкорга тўловни икки ёки уч ой давомида тушириб бермайди. Биз ўрганган вақтимизда эса маҳаллий банк тўловни амалга оширгани, аммо хорижий банкда шубҳалар уйғонгани маълум бўлмоқда», — деди у.
Арманистон, Грузия ва Қозоғистонга нисбатан Ўзбекистонда бундай ҳолатлар камроқ учрамоқда, деди Мамаризо Нурмуратов.
«Мақсадимиз бундай муаммолар юзага келишининг олдини олишдир. Буни ўз-ўзини мақташ деб қабул қилманг, лекин пандемия даврида, кейин эса глобал инқироз даврида кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, қўшниларимизда ҳам нақд пул танқислиги кузатилди. Баъзиларида ҳали ҳам бор. Бизда эса шарт-шароит мавжуд… Бу Марказий банкни мақташ эмас, комплаенс-назоратни яхшилашимиз Федерал резерв банкининг ҳам [Нью-Йоркники, Ўзбекистонни нақд доллар билан таъминлайди], бошқаларнинг ҳам бизга бўлган ишончини оширади. Шу орқали банкларимиз доимо нақд валюта захирасига эга бўлиб туради», — деди Марказий банк раҳбари.
Мамаризо Нурмуратов Марказий банк Банк назорати қўмитасининг жума куни қабул қилинган ва шанба куни бекор қилинган қарорида банкларга мижозларни назорат қилиш ва санкция рискларини камайтириш чораларини кўриш топширилгани, валюта чекловлари ҳақида гапирилмаганини таъкидлади.
Шарҳлар