МЧЖ раҳбари тендерни қўлга киритиб бериши учун 7500 АҚШ доллари сўраган

Фото: Ургут тумани ҳокимлиги

Андижон шаҳрида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг мансабдор танишлари орқали, унинг номига МЧЖ ташкил этиб, “Эски шаҳар – Олтинкўл” йўналишида йўловчи ташиш бўйича аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш учун ўтказилиши режалаштирилган тендерда ғолибликни қўлга киритиб бериш эвазига 7500 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи мансабдор шахснинг ушбу ноқонуний ишга алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган. Мазкур шахс муқаддам судланган бўлишига қарамасдан хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Ёзёвон тумани ҳокимлиги қошидаги “Хўжалик ҳисобидаги уй-жойларни рўйхатга олиш, алмаштириш ва тақсимлаш” бўлими бошлиғи ўзининг ваколатли танишлари орқали, маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони учун ордер ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.