Меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 6,8 фоизга тушди
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги берган маълумотларга кўра, камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан, 2023 йилда 14% ва 2024 йил бошига келиб 11 фоизга тушди.
Ўтган 6 ойда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида 113 минг нафар ишсиз аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баравар ошган.
Қўшимча тарзда, 12 та янги касбга ўқитиш йўлга қўйилиб, бугунги кунда 30 дан ортиқ касб турларига ўқитилмоқда. Хорижий тилларга ўқитиш 10 минг нафарга етказилиб, ўтган йилга нисбатан 5 бараварга оширилган.
Жорий йилнинг 6 ойида хорижда ишлаш истагида бўлган 64 минг нафар шахс чет давлатларга қонуний, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилган.
2024-йилнинг ўтган 6 ойида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан Давлат меҳнат инспекторлари томонидан 7720 та назорат тадбири ўтказилган бўлиб, унда 21 436 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган.
Ушбу қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган 3 442 та ёзма кўрсатма, 90 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 4 335 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Шу йилнинг ўтган даврида 254 нафар ноқонуний ишдан бўшатилган ходим ишга тикланиб, 7 349 нафар фуқаронинг 31 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилган.
Шарҳлар