Фаолиятида ижобий ютуқларга эришган 239 та шахс раҳбарлик лавозимларига тайинланган
Меҳнат фаолиятида ижобий ютуқларга эришган Салоҳиятли кадрлар резервидаги номзодларнинг 239 нафари турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига тайинланди, деб хабар бермоқда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова АОКАда ўтказилган брифингда.
Хабарга кўра, “маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан 1 000 нафари Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда саралаб олинган”.
Саралаб олиш жараёни – фаолиятини ўрганиш, маҳалла аҳолисидан келиб тушган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилганлиги, интеллектуал салоҳиятни аниқлашга қаратилган тест синови ва суҳбат каби босқичларни ўз ичига олган. Натижада жами 741 нафар ҳоким ёрдамчиси, 197 нафар ёшлар етакчиси ва 62 нафар хотин-қизлар фаоли саралаб олинган.
Номзодларнинг маълумотлар базасини тўлиқ шакллантириш, уларнинг рейтингини юритиш мақсадида “zaxira.argos.uz” рақамли платформаси ишга туширилган бўлиб, ушбу дастур орқали шахсий ривожланиш режасининг бажарилиши, масофавий малака ошириш курси, стажировка ва дублёрлик натижаларидан келиб чиқиб, номзодларнинг рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилиб борилмоқда.
Энг юқори кўрсаткичларни қайд қилган номзодлар хорижга малака ошириш ва стажировкага юборилиб, раҳбарлик лавозимларига тавсия этилмоқда.
Шарҳлар