Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирлари оқими камайиши мумкин
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлим бошлиғи Алишер Рўзиев келажакда Россияга меҳнат муҳожирлари оқими пасайишини истисно қилмади. Унинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистонда қурилиш соҳаси фаол ривожланмоқда, баъзи объектлардаги иш ҳақи эса Россиядаги меҳнат ҳақи билан рақобатлаша олади.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда қурилиш соҳасида кескин ўсиш бўлмоқда ва табиий равишда, биздаги иш ҳақида Россия Федерациясидаги баъзи объектларники билан тенглашиб қолди… Шу сабабли ушбу вазиятда Россияга жўнаб кетаётган фуқароламиз оқимининг пасайиши тенденцияси кузатилиши мумкин”, — деди Рўзиев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган видеокўприк доирасида.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги баъзи йирик қурилиш объектларида қурилиш ихтисосликлари бўлган ишчилар ойига 500-600 доллар ишлаб топмоқда. “Табиийки, шунча иш ҳақи учун Россия Федерациясига бориш энди манфаатли бўлмай қолди”, — дея қўшиб қўйди Рўзиев.
Шунингдек, унинг маълум қилишича, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш географиясини сезиларли даражада кенгайтирган, бу, хусусан, Европада ишчи кучига бўлган талаб ҳисобига амалга ошган.
Шарҳлар