Қозоғистоннинг Ўзбекистон чегарасига яқин газ қудуғидан метан сизиб чиқгани айтилди

Фото: BBC

BBC Verify билан баҳам кўрилган янги таҳлилга кўра, ўтган йил Қозоғистоннинг Ўзбекистон чегарасига яқин газ қудуқларидан бирида энг даҳшатли метан гази сизиб чиқиши кузатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, қудуқ ёрилиб, ўт чиқа бошлагач, олти ой давомида 127 000 тонна атрофида газ чиқиб кетган. Бу ҳақда BBC ўзбек хизмати ёзяпти.

Хабарга кўра, метан карбонад ангидриддан ҳам кўра кучлироқ иссиқхона гази ҳисобланади. Қудуққа эгаллик қилган Buzachi Neft ширкати «катта миқдорда» газ чиқиб кетганини рад қилган.

АҚШ Атроф-муҳит агентлигининг “Иссиқхона газлари ҳисоблагичи”га кўра, бу миқдордаги метан гази 717000 та бензинда ҳаракатланувчи машинадан бир йилда чиқадиган газга тенг келиши айтилган.

«Сизиб чиқиш давомийлиги ва миқёси жуда ноодатий», – деган БМТнинг Метан эмиссиялари мониторинги раҳбари Манфреди Калтагирон.

Сизинти жануби-ғарбий Қозоғистондаги Мангитау вилоятида қудуқ бурғуланаётганда ёрилиш ортидан 2023 йил 9 июнида бошланган. Ўт чиқиш йил охиригача давом этган.

«Фақат 2023 йил 25 декабрига келибгина уни жиловлашган. Маҳаллий расмийларнинг Би-би-сига айтишича, ҳозирда қудуқни цементлаб ёпиш жараёни кетмоқда. Табиий газ асосан метандан иборат бўлади, одам кўзига кўринмайди. Аммо қуёш нури метан булутидан ўтганда, айрим сунъий йўлдошлар пайқаши мумкин бўлган ўзига хос шакл ҳосил қилади. Бу метан сизинтиси француз геотаҳлил ширкати Kayrros томонидан илк марта ўрганилган. Уларнинг таҳлили Нидерландиянинг Фазо тадқиқотлари институти ва Испаниядаги Валенсия Политехника университети томонидан ҳам тасдиқланган. Сунъий йўлдош маълумотларига қараб, олимлар метаннинг юқори концентрациясини июнь ва декабрь ойлари орасида 115 та алоҳида ҳолатларда кўришган», – дейилган хабарда.

Ушбу кўрсаткичларга асосланиб, улар битта қудуқдан 127 000 тонна метан чиқиб кетган деган хулосага келишди.

Бу техноген метан сизиши сони бўйича қайд этилган иккинчи энг ёмон ҳодиса бўлиши мумкин.  Валенсия политехника университети ходими Луи Гуантернинг таъкидлашича, «фақат «Шимолий оқим» саботажи каттароқ сизинтига олиб келган бўлиши мумкин».

2022 йил сентябрь ойида сув ости портлашлари натижасида Россия газини Германияга олиб борадиган иккита қувур – «Шимолий оқим 1» ва «2»дан атмосферага 230 минг тоннагача метан ажралиб чиққан. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, саноат инқилобидан кейин глобал ҳароратнинг 30% кўтарилишига айнан метан сабаб бўлган. Сунъий йўлдош кўрсаткичларига булут қоплами каби ташқи омиллар таъсир қилиши мумкин бўлса ҳам, олимлар ушбу қудуқдан жуда катта миқдордаги метан ажралиб чиққанига ишонишларини айтишди.

«Биз метанга сезгир беш хил сунъий йўлдош асбоблари ёрдамида метан булутларини аниқладик, – дейди жаноб Гуантер. – Ушбу асбобларнинг ҳар бири метанни фарқли шаклда ўлчайди, аммо уларнинг барчаси ўхшаш натижани қайд этган.»

Қозоғистон метан чиқиндиларини камайтиришга ваъда бермоқда

Атирау саноат хавфсизлиги қўмитаси томонидан авария сабаблари бўйича ўтказилган расмий текширув «Buzachi Neft» компанияси қудуқни бурғулаш ишлари устидан тегишли назоратни амалга оширмаганини кўрсатган.

Компания, шунингдек, бурғулаш жараёнида кўплаб носозликлар учун субпудратчи «Заман Энерго»ни айблади.

«Заман Энерго» эса бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Би-би-сига берган баёнотида сизиб чиқишни бартараф этиш «мураккаб техник операция» эканлигини ва «бундай бахтсиз ҳодисалар билан курашишнинг универсал ечими йўқлигини» айтди.

Шунга қарамай, бу Марказий Осиёда йирик метан сизиб чиқишининг биринчи марта кузатилиши эмас. Қўшни Туркманистонда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам ўнлаб «супер эмиссия» ҳодисалари қайд этилган. Аммо жаноб Гуантернинг айтишича, Мангистау вилоятида кузатилган воқеа алоҳида ажралиб туради.

«Бу биз аниқлаган «оддий» инсон омили натижасида юзага келган энг катта метан сизиб чиқиши», деган у.

«Climate Action Tracker» иқлим бўйича экспертлари таъкидлашича, табиий газ қазиб олиш ҳажми ортиши кутилаётган Қозоғистон газ қувурларидан яна метан сизиб чиқиши хавфига дуч келмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.