“Метан нархини бозор белгилайди” — бош вазир матбуот котиби
1 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Президент топшириғига биноан вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ёқилғи-энергетика масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб ёзади “Газета.uz” ҳукумат раҳбари матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовга таяниб.
Унинг сўзларига кўра, йиғилишда “метан нархининг юқори чегарасини” бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди, эндиликда давлат бу соҳада нарх белгилашга аралашмайди.
Бош вазир Президентнинг Рақобат қўмитаси, Бош прокуратура ва Энергетика вазирлигига газ, жумладан, пропан қуйиш шохобчалари ўртасида рақобат муҳитини яратиш орқали нархларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича топшириқларини эълон қилди.
“Давлатнинг нархларни тартибга солишга аралашуви рақобат муҳитининг бузилишига олиб келди. Шу сабабли нархларнинг юқори чегараси бўлмайди, нархларни бозор белгилайди. Рақобат қўмитаси ва Бош прокуратурага нархларни барқарорлаштириш бўйича президент топшириғи берилди. Бу худди нон ва ғалла нархларини либераллаштириш мисолида бўлгани каби амалга оширилади”, — деди Бекзод Ҳидоятов.
Бош вазир матбуот котибининг айтишича, тадбиркорларга нарх белгилашда эркинлик бериш “хоҳлаган ишни қилиш имкониятини англатмайди”. Тўртта сектор раҳбарлари нархларнинг сунъий равишда бир неча баробар оширилмаслигини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 августдан “метан” газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг (3 750 сўм) амал қилиш муддати тугади.
Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, аксарият жойларда, жумладан, Тошкентда ҳали нархлар ўзгармаган. Лекин жойлардаги айрим “метан заправка”ларда нарх 3950 – 4250 сўмгача ошгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда пропан нархи кўтарилгани таъкидланмоқда. 5800-6200 сўмгача.
Шарҳлар