Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади

Фото: uza.uz

Президент фармонига мувофиқ, 2024 йил 1-июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга эса Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига мувофиқ бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2024 йил 1-июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга олган тадбиркорларга ҳар бир ишга олинган бундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади.

Бунда:

  • субсидия 2024 йил 1-июндан 2026 йил 1-январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади;
  • меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлади;
  • меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар деб хорижда уч ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади.

Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.