Ўзбек меҳнат мигрантлари учун яхши ҳақ тўланадиган иш имкониятлари кенгаймоқда, аммо Россияда эмас
2010-2015 йилларда Россияда икки миллионга яқин ўзбек меҳнат мигрантлари бўлган, ҳозир эса мавсумга қараб бу сон 1-1,5 миллионни ташкил қилади. Бугун ўзбек меҳнат мигрантлари авваллари деярли номаълум бўлган Британия, Германия, Литва, Польша, Болгария, Руминия каби мамлакатларга ишга бормоқдалар. Тарихий меҳнат миграцияси манзили бўлган Россиядан пул ўтказмалари ҳажми қисқармоқда.
Россия ва Қозоғистон каби яқин қўшни мамлакатлар ҳозирги кунда ҳам асосий ўзбек меҳнат мигрантлари оқими йўналишлари бўлиб қолмоқда, аммо очиқ маълумотлар ташқи меҳнат миграцияси географияси кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Масалан, 2023 йилда Россиядан пул ўтказмалари улуши 87 фоиздан 78 фоизга тушиб кетган, Россияда рўйхатдан ўтган ўзбеклар сони эса 2,9 миллиондан 1,7 миллионга қисқарган.
Шу билан бирга, бошқа мамлакатларга ишлаш учун жўнаб кетаётган ўзбекистонликлар сони оз бўлса-да, аста-секин ортиб бормоқда, шунингдек бундай мамлакатлар рўйхати ҳам кенгаймоқда.
Ўзбек меҳнат мигрантлари бугун қаерда ишлашни режалаштирмоқда?
Миллионлаб ўзбекистонликлар айнан иш ўринлари етишмаслиги ва паст иш ҳақлари туфайли чет элда иш қидиришга одатланган.
Шу сабабли меҳнат мигрантлари мамлакатдаги аҳолининг катта қисмини боқувчига айланиб қолган – масалан, 2018-2023 йилларда Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли жами даромадининг тахминан 16 фоизи меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларига тўғри келган.
Маълумки, яқин вақтгача ўзбек мигрантларининг тарихий йўналишлари асосан учта эди – Россия, Қозоғистон ва Туркия.
Аммо ҳозир вазият ўзгармоқда, диверсификация суръатлари ошиб бормоқда. Масалан, 2010-2015 йилларда Россияда тахминан икки миллионга яқин ўзбек мигранти бўлган, ҳозир эса мавсумга қараб бу рақам 1-1,5 миллионни ташкил этади.
Сабаб сифатида Россиянинг Украинага бостириб кириши, урушдан кейинги иқтисодий ноқулайлик, рубль курсининг ноқулайлиги ва мигрантлар даромадининг пасайиши, Россия армиясига мажбуран ёзилиб қолишдан қўрқиш ва бошқа омиллар кўрсатилмоқда.
Агар Россияга бўлмаса, қаерга?
Британия 2022 йилдан Марказий Осиёдан чиққан меҳнат мигрантларини мавсумий ишларга ёлламоқда. Мавсумий ишчилар сони бўйича бу мамлакатда ўзбеклар фақат украинликлардан кейин туради.
Шу билан бирга, аввал Ўзбекистон фуқаролари учун деярли номаълум бўлган мамлакатларда расмий ишлаш имкониятлари кенгаймоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ягона ваколатли давлат ташкилоти ҳисобланган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб, бугун ўзбекистонликлар аввал расмий ишлаш учун бормаган Германия, Британия, Болгария, Литва, Хорватия, Япония, Белоруссия, Латвия, Польша каби мамлакатларга ишга бормоқдалар.
Масалан, шу йилнинг февраль ойи бошида агентлик Германияда ўзбекистонликлар учун 50 мингдан ортиқ бўш иш ўрни борлиги, ойлик иш ҳақи эса 1000 евродан бошланишини маълум қилган эди.
Бир неча кун ўтгач, Жанубий Корея ўзбекистонликлар учун қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат соҳаларида 37 мингдан ортиқ иш ўрни таклиф этаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди – ўртача ойлик иш ҳақи 2-2,5 минг долларни ташкил этар экан.
Шу билан бирга, Газа секторидаги қуролли тўқнашув туфайли Исроилда ишчи кучи етишмаслиги юзага келгани ва ушбу тақчилликни Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Шри-Ланкадан жами 65 минг ишчи жалб этиш орқали тўлдириш режалаштирилгани маълум бўлди.
Бугун ўзбек меҳнат мигрантлари учун бошқа йўналиш Британия ҳисобланади.
2022 йилда Британия Марказий Осиёдан ишчиларни Brexit туфайли бўшаб қолган меҳнат бозорини тўлдириш учун мавсумий ишларга жалб қилиш дастурини ишга туширди.
BBC маълумотларига кўра, 2023 йилда 38 мингдан ортиқ ўзбек чет элларда ташкилланган ва доимий иш билан таъминланган.
Сўнгги пайтларда Жанубий Корея, Британия, Германия, Литвадан ўзбек меҳнат мигрантлари учун кўплаб таклифлар пайдо бўлмоқда.
Ўзбеклар учун иш ўринлари пайдо бўлаётган асосий йўналишлар давлатлар кесимида қуйидагича:
Жанубий Корея – ишлаб чиқариш, хизматлар, қурилиш, қишлоқ хўжалиги; Германия – тиббиёт, юк машинаси ҳайдовчилари, меҳмонхона ходимлари, қурилиш; Британия – мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, тиббиёт; Белоруссия – тўқимачилик, автомобиль саноати; Литва – юк машинаси ҳайдовчилари, қурилиш, электр пайвандчилар, омбор ишлари, тикувчилик; Япония – қурилиш ва бошқа соҳалар.
Умуман расмий манбалардан кўриниб турибдики, ҳозирда ўзбекистонликлар Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида 160 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, таклиф этилаётган ўртача ойлик иш ҳақи Россиядагидан анча юқори.
Имкониятлар нега ўсмоқда?
Меҳнат мигрантларини “дангасалар” деб атаган ўзидан олдинги президентдан фарқли ўлароқ, Президент Шавкат Мирзиёев чет элда ишловчи ватандошларни “ҳақиқий қаҳрамонлар” деб атади.
Расмий давлат каналлари орқали кузатса бўладики, Ўзбекистон ҳукумати ташқи меҳнат миграцияси йўлларини диверсификациялашга ҳаракат қилмоқда ва ўз фуқаролари учун Европа, Шарқий Осиё ва ҳаттоки Ўрта Осиёда янги иш имкониятлари очиш учун доимий музокаралар олиб бормоқда.
Меҳнат мигрантларини жўната оладиган йўналишлар сонини кўпайтиришга интилишнинг энг муҳим сабабларидан бири миллий иқтисодиёт учун қўшимча таянч яратишдир.
Фақат 2022 йилда Ўзбекистонга четдан 16 миллиарддан зиёд доллар пул ўтказмалари тушган, бу ўша пайтда ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 21 фоизини ташкил этган.
2023 йилда пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада қисқарган бўлса-да, мамлакатдаги кўплаб оилалар ҳанузгача фақат пул ўтказмалари ҳисобига тирикчилик қилмоқда.
Ҳукуматнинг ўзи ҳам ватандошларнинг чет элдаги иш фаолиятига доимий қизиқиш билдириб келган, уларга қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини ифодалаб келган.
Меҳнат мигрантларини «дангасалар» дея атаган биринчи президентдан фарқли ўлароқ, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнь ойида чет элда ишловчи ватандошларни “ҳақиқий қаҳрамонлар” деб ҳисоблашини айтган эди.
Мирзиёев шунингдек, давлат четга касб ўрганиш ва тил ўрганиш мақсадида ишга борадиган фуқароларга катта қўллаб-қувватлаши, уларни Европа ва Осиёдаги юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларга ишга жойлаштиришда кўмаклашиши зарурлигини таъкидлаган.
Айрим фаоллар ҳукумат ниҳоят ўзбекларнинг Россия меҳнат бозорига боғлиқлиги муаммосига жиддий эътибор қарата бошлаганини мамнуният билан қабул қилди.
150 дан 9 минг
Ўзбекистон ҳукумати меҳнат миграцияси йўналишларини қанчалик хилма-хиллаштиришга аҳамият бермасин, ўзбек мигрантларини Россиядан ташқари бошқа мамлакатларга жўнатиш жараёни шунчалик ҳам осон кечмаётганга ўхшайди.
Йил бошида Президент Шавкат Мирзиёев соҳа раҳбарларини танқид қилиб, Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан «жуда катта келишувлар доирасида» 150 минг ишчи буюртма қилинганига қарамай, фақат 9 минг ишчи жўнатилганини айтган эди.
У шунингдек, мигрантларни касбга ўқитиш муассасалари фаолияти талабларга жавоб бермаётганини ҳам таъкидлаган эди.
“Масалан, ҳозир чет элда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам ҳақ тўланадиган ишларда банд”, деган эди Мирзиёев.
Ўша йиғилишда Мирзиёев 100 минг кишини касбга ва тилга ўқитиш, уларни тартибли равишда чет эл корхоналарига ишга жўнатиш вазифасини қўйган эди.
Кўникмалар ва тил ўрганиш
“Четга малакали ишчиларни етарлича жўнатишимизга тўсқинлик қилаётган асосий сабаб соҳадаги давлат монополиясидир”, дейди Даврон Қўчқоров, Ўзбекистондаги илк хусусий касб-ҳунар ўргатиш марказларидан бири Dinur Jobsнинг асосчиси.
Қўчқоровнинг айтишича, ҳукумат миграция йўлларини қанчалик хилма-хиллаштиришга уринмасин, ўзбеклар барибир учта асосий сабаб туфайли оммавий тарзда Россия ва Қозоғистонга ишлашга кетмоқдалар.
“Биринчидан, халқимизнинг бир қисми рус тилини маълум даражада билади, уларга мавжуд тил муҳитида ишлаш осонроқ. Иккинчидан, автобусда Россия ва Қозоғистонга осон етиб бориш мумкин. Учинчидан, бу мамлакатларга виза талаб этилмайди”, дейди у.
Меҳнат мигрантларини “инвесторлар, эмас оддий ишчилар” деб кўрадиган соҳа мутахассиси фикрича, ўзбекларнинг ривожланган мамлакатларда яхши ҳақ тўланадиган иш топишига тўсқинлик қилаётган учта асосий омил бор.
“Агар Россия ва Қозоғистон меҳнат бозорларига кетаётган оқимни ривожланган мамлакатлар томон йўналтиришни мақсад қилсак, учта тўсиқ пайдо бўлади. Биринчиси – виза режими. Иккинчиси – тил ва учинчиси энг муҳими – бугунги кунда Касб-ҳунар марказларимиз Европада талаб қилинаётган мутахассисларни тайёрлаш имконига эга эмас”, дейди Қўчқоров.
Даврон Қўчқоров тил ва малака омили мигрантларнинг чет элда муносиб иш топишига жиддий таъсир қилишини таъкидлаб, соҳада давлат монополияси ўрнатилгани ва хусусий касб-ҳунар марказларининг рақобатбардош шароитда ишлашига йўл қўйилмагани туфайли чет эл иш берувчиларга зарур малакали меҳнат мигрантларини тайёрлаш имкони йўқлигини билдирди.
“Ҳозир ҳокимият ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги каналларига қарасангиз, гўзал рақамлар ва юқори маошли ишлар ҳақида эълонларни кўрасиз. Аммо масалан, 50 минг ўрин таклиф қилган немислар биздан мутахассислар сўрайди.”
“Мутахассис деганда, бизнинг тушунчамиз ва немисларники ҳар хил. Масалан, бизда умумий ҳамшира тушунчаси бор, Германияда эса бу касб тоифаларга бўлинган. Ҳукуматда Германия талабларига жавоб берадиган ҳамшираларни қисқа муддатда тайёрловчи ўқув муассасалари йўқ. Бунга эътибор берилмаяпти. Эртага яна президентга гўзал рақамларни кўрсатиб, фалонча одам четга ишга жўнатилди дейилади, номалакали ишчи олган Германия эса Ўзбекистондан ишчи сўрашни тўхтатади”.
Қўчқоровнинг фикрича, ҳукумат хусусий касб-ҳунар марказларини қўллаб-қувватлаши керак, акс ҳолда дунё меҳнат бозорида ўзбекларга бўлган талаб пасайиб кетиши ва фуқароларни юқори маошли ишга тизимли йўналтириш ташкилланмаслиги мумкин.
“Яхши, давлат мономарказлари ҳам ишласин, лекин улар биз билан очиқ рақобатга кирсин. Давлат иккала томон учун тенг шароит яратсин. Ҳозир бундай механизм ишламаяпти. Бугун кўзбўямачилик қилсак, эртага ҳеч ким биздан одам сўрамай қўяди”, дейди Қўчқоров.
Шарҳлар