«Миллий тикланиш» партияси TikTok ижтимоий тармоғини Ўзбекистон ҳудудида тақиқлашни таклиф қилди
«Миллий тикланиш» демократик партияси TikTok ижтимоий тармоғини Ўзбекистон ҳудудида тақиқлашни таклиф қилди. Бунга Навоий шаҳридаги икки ўқувчи қизнинг дарс пайтида TikTok ижтимоий тармоғи орқали тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, ўқитувчиси ва синфдошлари олдида ножўя сўзлар ишлатган шов-шувли ролиги сабабчи бўлган, деб ёзади “Спутник” нашри.
Партия Марказий кенгаши раисининг ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ижтимоий тармоқлар мактаб ўқувчиларига қанчалик кучли таъсир қилаётганига эътибор қаратади. Депутатнинг сўзларига кўра, TikTok ва бошқа платформалардаги контент ёш авлоднинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Унинг қайд этишича, Навоийдаги воқеа буни тасдиқлайди, холос.
Шу билан бирга партия вакиласи айбни тўлиқ ижтимоий тармоқларга юкламаган. Муҳаммаджонова бугунги кунда мактабларда ўқувчиларнинг тарбия жараёнида муаммолар мавжудлигини таъкидлайди.
«Навоийда сўконғич қизлар билан бўлиб ўтган ҳодиса нафақат таълим, маҳалла, ҳуқуқ тартибот идоралари мутасаддилари, балки ёшлар тарбиясига бевосита масъул ташкилотларга ва кенг жамоатчилигимизга огоҳлик қўнғироғи бўлиши даркор», — дейди депутат.
“Миллий тикланиш” демократик партияси буларни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифларни илгари сурган:
- вояга етмаганлар томонидан қилинадиган бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш;
- TikTok фаолиятини бутунлай чеклаш, чунки партия бу тармоқни болалар учун хавф майдони деб ҳисоблайди;
- TikTok’ка ўхшаган ахборот манбалари ҳисобига тўғри келаётган инфоэпидемиянинг олдини олиш учун қонуний чораларни кучайтириш.
Шарҳлар