Бухорода ўқитувчиларни “Ташаббусли бюджет” доирасида овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори жаримага тортилди
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда “Ташаббусли бюджет” учун айрим соҳа вакилларининг овоз йиғиш ишларига жалб қилинганлиги ҳолатлари атрофлича ўрганилди.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари бўйича Бухоро вилояти Ромитан тумани 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан мактаб ўқитувчиларини лавозим йўриқномасига кирмайдиган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига овоз йиғишга мажбуран жалб қилганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси иккинчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.
Миллий комиссия эслатишича, Конституцияга мувофиқ ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга, шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнат тақиқланган ҳамда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шарҳлар