Божхоначилар минерал ўғитларнинг ноқонуний экспортини аниқлади
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан «Олот» чегара божхона постида ўтказилган тезкор тадбирда республикадан чиқиб кетаётган 2 та юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган.
Ҳужжатларга кўра, мазкур транспорт воситаларига 71 тонна 187 кг.дан зиёд “техник калий карбонат” минерал ўғитлари ортилган бўлиши керак эди.
«Марказий божхона лабораторияси таҳлиллари асосида ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, ушбу товарлар қопларга ёзилганидек “техник калий карбонат” эмас, аксинча бутунлай бошқа кимёвий маҳсулот – “калий хлорид” минерал ўғити эканлиги аниқланган», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолатда вақтинча сақловга олинган минерал ўғитларнинг умумий қиймати 355 млн. сўмдан ошмоқда. Калий хлорид эса ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар рўйхатига киради. Президентнинг «Кимё саноати ташкилотларининг экспорт-импорт фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан кимёвий маҳсулотлар экспорти фақатгина «Ўзкимёимпекс» МЧЖ орқали амалга оширилади.
Шарҳлар