Шавкат Мирзиёев уни таваллуд куни билан табриклаганларнинг барчасига миннатдорлик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан чин дилдан қутлаб, ўзларининг самимий табриклари ва эзгу тилакларини йўллаган хорижий давлатлар, ҳукумат ва парламентлар раҳбарлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакилларига, халқаро ташкилотлар етакчиларига, юртимиздаги маҳаллалар аҳли ва меҳнат жамоаларига, барча ватандошларимизга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
“Менинг шаънимга билдирилган ушбу табрик ва тилакларни энг аввало Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ва юртимизнинг ёруғ келажагига бўлган ишонч ифодаси сифатида қабул қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқимизга яна бир бор чин юракдан ўзимнинг чексиз фарзандлик меҳрим ва ҳурматимни билдираман.
Ишончим комил, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳияти ва ҳамжиҳатлиги билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга албатта етамиз”, — дейилади Президент эълон қилган баёнотда.
Шарҳлар