Минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида Ўзбекистон ва Россия 3,5 млрд долларлик ҳужжатларни имзолади
Ўзбекистон Президенти Москвада Россия ҳукуматининг раҳбари Михаил Мишустин билан учрашди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев “Минтақалараро ҳамкорликнинг учинчи форуми муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилганини, унинг натижасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида 3,5 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланганини олқишлади”.
“Товар айирбошлаш динамикасини сақлаб қолиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузилди”, — дейилади хабарда.
Томонлар соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини рақамлаштириш, шунингдек, Ўзбекистонда электрон тижоратни жорий этиш соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
“Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида амалий шерикликни янада ривожлантириш ва уни аниқ лойиҳалар билан тўлдириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Шаҳарсозлик ва уй-жой фондини реконструкция қилиш соҳасида тажриба алмашишни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди”, — дейилади хабар якунида.
Шарҳлар