Мироновнинг ўзбекистонлик мигратларга нисбатан чиқишга “ответ” қилинди

Аввалроқ, Россиядаги “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Мироновнинг  Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиққани ва  буни эса у ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бу бўйича “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов бунга жавобан россиялик депутатга ўз фикрини билдирди.

“Биринчидан, биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли. Иккинчидан, Ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир”, дея ёзган депутат ўзининг Телеграм саҳифасида.

Шунингдек, бундан олдин Мироновнинг ушбу гапларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам фикр билдириб, Россияни Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини айтганди.

“Öзбеклардек баракали халқ ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам öлдириб эмас. Россияни эса @миронов_ру öğиллари, куёвлари, неваралари билан ҳимоя қилиşи керак. Билиşимçа, руслар ҳам Ватанни ҳимоя қилиşни öзбеклардагидек муқаддас бурç ҳисоблайдилар?”, -дея ёзади Спикер ўзининг Х даги саҳифасида. (Алишер Қодиров постини таклиф қилинган алифбо асосида ёзган)

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.