Мирзиёев Афғонистонни минтақадаги сув ресурслари бўйича муҳокамага қўшишни таклиф қилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти 15 сентябрь куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиб, унда унда сув ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифларни баён қилди. Тадбир Душанбеда ўтказилди.

Ўзбекистон президенти “Қўштепа” канал қурилиши бўйича ҳам ўз фикрини билдирди. Таъкидланганидек, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида янги иштирокчи пайдо бўлди. Шу муносабат билан канал қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш, шунингдек, Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Жамғарманинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш доирасида асосий ҳужжат ва битимларни хатловдан ўтказиш ва қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилмани таҳлил қилиш ва жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

– Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ-овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш муҳимдир, – алоҳида таъкидлади давлат раҳбари.

Асосан миллий режалар йўналишида амалга оширилаётган Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи дастурнинг ижроси ташвишга соладиган ҳолатда эканини билдириб, Ўзбекистон Президенти жамғарма бошқарувига амалдаги дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини бериш ҳамда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлашни таклиф этди.

Шу муносабат билан мамлакатларимизнинг ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши ҳамда раислик қилувчи томоннинг мувофиқлаштириши асосида инвестицияларни ва техник кўмакни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмларини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Бундан ташқари, хорижий шериклар, етакчи халқаро институтлар ва донор ташкилотларни жалб этган ҳолда, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш мақсадида махсус минтақавий конференция ўтказиш таклиф этилди.

Ўзбекистон раҳбари минтақада сув-энергетика ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу масалаларни кўриб чиқишда Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ фаол жалб этилишига аминмиз, – деди давлат раҳбари.

Ҳамкорларга сувни тежаш соҳасини жамғарма фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, бу борада ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилди. Шу масалаларнинг барчасини комплекс кўриб чиқиш мақсадида сув ресурслари, энергетика, экология ва иқтисодиёт вазирларининг доимий учрашувлари бўйича Минтақавий платформани таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.

Тадбир якунида жамғарма таъсисчи давлатлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:

– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг Душанбе баёноти;

– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Тожикистон Республикасининг ОҚХЖдаги раислиги якунлари тўғрисида қарори;

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2024-2026 йилларга ОҚХЖ президенти этиб сайлангани тўғрисидаги қарори;

– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг ОҚХЖ ташкилий тузилмаси ва шартнома-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича фаолият тўғрисидаги қарори.

2024-2026 йилларда ОҚХЖга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.