Мирзиёев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди
26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
«Тадбирда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян қатнашди», – дейилади хабарда.
Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган.
«Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстликда фаол иштирок этмоқда. Мамлакат 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилган. МДҲ давлатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди ва деярли барча тармоқларни қамраб олган», – дейилади матбуот хизмати хабарида.
Шавкат Мирзиёев МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини алоҳида қайд этган.
Шарҳлар