Молия вазирлиги ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга коммунал хизматлар учун компенсация тўлашни таклиф этмоқда
Молия вазирлиги «Уй-жой-коммунал хизматлар учун компенсация тўловларини тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом лойиҳасини ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамаси учун ҚҲТБТ порталига жойлаштирди, деб ёзади “Норма” нашри.
Лойиҳа Президентнинг 28.01.2022 йилдаги «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-58-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилиши режалаштирилмоқда. Ҳар ойлик компенсация тўлови пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45%ини ташкил қилади.
Низом лойиҳасида имтиёз олувчилар тоифаси ва компенсация тўлови миқдорлари, шунингдек тўлов тўлаш тартиби ва муддатлари назарда тутилган. Хусусан, компенсация тўловлари нафақа олиш-олмаслигидан, ишлаш-ишламаслигидан қатъи назар, бундай тўловни олишга ҳақли бўлган шахсларга тўланади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Шарҳлар