Монополияга қарши курашиш қўмитаси уч кунлик фирма ютиб чиққан 2,6 млрд сўмлик тендер якунларини бекор қилди
Қашқадарёда ташкил этилганига 3 кун бўлган фирма жами 2 601 000 000 сўмлик иссиқхоналар ўрнатиш бўйича танловда ноқонуний равишда ғолиб бўлгани аниқланди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолат юзасидан иш қўзғатилиб, қайта танлов ўтказилишини маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Маълумотларга кўра, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан etender.uzex.uz махсус электрон портали орқали Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш тўғрисидаги 3 ноябрда якунланган 12 та лотни 1 ноябрда давлат рўйхатидан ўтган NXS CTROY BAD METALL ютиб олган. Бундан ташқари, танлов протоколларидаги корхона томонидан иссиқхона қуриш бўйича бажарилган охирги ишларга шубҳали тарзда юқори баллар қўйилган.
NXS CTROY BAD METALL 2022 йил 1 ноябрда — савдолар тугашидан уч кун, комиссия томонидан кўриб чиқилишидан бир ҳафта олдин рўйхатга олинган. МЧЖ Турар-жой бинолари қурилишига ихтисослашган бўлиб, асосчиси Нилуфар Сунатилло қизи Туробова.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида буюртмачи томонидан савдоларнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ва савдоларнинг бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш орқали қонун бузилишларига йўл қўйилганлик аломатлари аниқланган.
Юқоридагиларга асосан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил 10 ноябрда иш қўзғатилиб, «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилган деб топилган ва танлов савдоларининг қарорларини бекор қилиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда қайта танлов ўтказиш бўйича кўрсатма берилган. Бугунги кунда қарорлар бекор қилинган ва қайта танлов ўтказилади, – дейилади хабарда.
Шу билан биргаликда, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинган.
Шарҳлар