Москва вилоятида содир бўлган ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди
23 майга ўтар кечаси Москва вилояти, Истра шаҳри, Падиково қишлоғида жойлашган ётоқхонада содир бўлган ёнғин натижасида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Консуллик бўлими маълумотларига кўра, ёниб кетган уйда 20 га яқин хорижликлар яшаган, улардан 11 нафари Ўзбекистон фуқаролари.
Ёнғин оқибатида 8 нафар киши ҳалок бўлган, ҳозирда уларнинг шахси аниқланмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Ёнғин оқибатида вафот этганларнинг шахсини аниқлаш учун Истра шаҳар суд-тиббиёт экспертизаси бюроси томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Мазкур иш бўйича тергов органи томонидан Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси (эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Вазият элчихонанинг Консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси назоратида остида.
Шарҳлар