Москвада уч нафар ўзбекистонлик “Матч ТВ” телеканали ходимини зўрлаганликда гумонланиб қўлга олинди
Москва полицияси уч нафар ўзбекистонлик йигитни “Матч ТВ” ходимини зўрлаганликда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда Медиазона хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, қизга тажовуз 6-июл куни соат 02:30 да, у ишдан қайтаётган, Останкино кўли ёнидан ўтаётганда содир бўлган.
Орадан 40 дақиқа ўтиб, 24 ёшли Мухриддин исмли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Кейинроқ полиция ВДНҲ метро бекати яқинида қолган гумондорлар – 25 ёшли Бунёд ва 22 ёшли Жавохирни топади.
Хорижлик фуқароларга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган зўрлаш жинояти бўйича жиноий иш очилган.
Матч ТВ бу фактни тасдиқлади, бироқ маълумот беришдан бош тортди. “Биз жабрланувчи билан алоқадамиз ва унга ҳар томонлама зарур ёрдам кўрсатмоқдамиз”, — дея қўшимча қилган спорт канали ходимлари.
Воқеа ҳақида Матч ТВ телеканалининг собиқ раҳбари Тина Канделаки изоҳ берди. “Менимча, бундай ваҳшийлар учун жазо имкон қадар қаттиқ бўлиши керак. Улар мамлакатимизга ишлаш учун, кўпинча ноқонуний йўллар билан келиб, қизларимизни зўрлашга қурби етади, деб ўйламасин”, — деб ёзади журналист.
Шарҳлар