Москвада ўзбек ватандошлари президентига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармаси тергов органлари Усмон Баратовга нисбатан жиноий иш қўзғатди. У Россия ЖК 282-моддаси 2-қисмининг «в» бандида назарда тутилган жиноятни (нафрат ёки адоватни қўзғатиш, шунингдек, инсон қадр-қимматини камситиш) содир этганликда гумон қилинмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, 2023 йил декабрь ойида Баратов ва бошқа шахслар Москва вилоятида бўлганларида, ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаларида Россия Федерацияси фуқаролари, шу жумладан, махсус ҳарбий операция иштирокчиларининг қадр-қимматини камситувчи мақолаларни жойлаштирган.
Баратов тергов ҳаракатларини ўтказиш учун пойтахт Тергов қўмитаси бўлимига олиб кетилган. Мазкур жиноятни содир этишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Давлат Думаси депутати ва вице-спикери Пётр Толстой миллий диаспоралар ва жамоаларни қонунийлаштирилган мафия тузилмалари деб атаган эди.
Шарҳлар