Мудофаа вазирлиги: Ўзбекистон ҳарбийлари мамлакат ташқарисидаги жанговар ҳаракатларда қатнашмаяпти
Ўзбекистон Республикаси, шу жумладан Ўзбекистон ҳарбийлари мамлакат ташқарисида жанговар ҳаракатларда қатнашмаяпти. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар беради.
«Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақида тарқалган маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас», – дейилади хабарда.
Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 125-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.
«Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади».
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш бўйича жиноий жавобгарлик (154-1) моддаси мавжуд.
Шарҳлар